Президентликка номзод Алишер Қодиров фарғоналик сайловчилар билан учрашди

“Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Алишер Қодировнинг Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Қўштепа туманидаги маданият марказида бўлиб ўтган учрашувда партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари, нуроний отахон ва онахонлар, ҳунармандлар, спортчилар, партияга хайрихоҳ ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши раиси, номзоднинг ишончли вакили Хурсаной Исломова йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди ҳамда мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи жараёнда фаол иштирок этиш ва Конституциямизда белгиланган ҳуқуқларимиздан унумли фойдаланишга чақирди.

Президентликка номзод Алишер Қодиров иштирокчиларга  ўзининг сайловолди дастурини ҳавола этди.

“Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори остидаги мазкур сайловолди дастури таълим-тарбиянинг узлуксизлигини таъминлаш, миллий урф-одатлар ва қадриятларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш каби эзгу мақсадларни устувор деб билади. Бешта йўналишдан иборат дастурда таълим ва тарбияси соҳасида бир қатор ғоялар илгари сурилган. Оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш ва тарбияни тўғри ташкил этиш учун 18 ёшгача фарзандлари бўлган ота-оналар қўллаб-қувватланади.  


Учрашувда камтаъминланган аҳолини қўллаб-қувватлашнинг қадриятларга таянган янги тизими жорий қилиниши айтиб ўтилди. Миллий урф-одат, анъаналар, шаклланган қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик жорий қилинади. Ўзбек тили кенг қўлланадиган, замонавий тараққиётга уйғун тилга айланиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилади.  

-Биз бугунги кунда муаммоларнинг айбдорини эмас, ечимини излашимиз керак,-дейди А. Қодиров.-Хусусан, боланинг туғилишидан олдин назоратга олишимиз керак. Кўпчилик назорат десак, нотўғри талқин қилишади. Она нима истеъмол қиляпти, нима ичяпти? Булар назоратда бўлиши лозим. Шу боис "оила-боғча-мактаб" тизимини яхлит қилиш тарафдоримиз.


Учрашувда Алишер Қодиров сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди. Тадбирда турли соҳа вакиллари номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб сўзга чиқди.  

 

М. Сулаймонов,  

М. Қодиров (сурат), ЎзА